Маълум қилинишича, 1999 йилда туғилган, аввал судланмаган ушбу шахс 2021 йилда иш излаб Россияга кетган. 2022 йилда у Кострома вилояти суди томонидан гиёҳванд моддалар билан боғлиқ жиноятда айбланиб, 8 йилга озодликдан маҳрум этилган.
Жазони ўташ давомида у Россия Қуролли кучлари билан шартнома имзолаб, 2025 йилда Украинага қарши ҳарбий ҳаракатлар зонасига юборилган.
Бир неча ойдан сўнг у дрон ҳужуми натижасида жароҳат олиб, Москвадаги тиббиёт муассасаларидан бирига ётқизилган. Кейинчалик у ердан қочиб, Ўзбекистонга қайтган.
Судда айбланувчи ўз айбини тўлиқ тан олган ва жисмоний ҳамда руҳий босим остида қарор қабул қилганини билдирган. Ҳозирда у II гуруҳ ногирони экани айтилган.
Суд унинг ҳаракатларини Жиноят кодексининг 154-моддаси 1-қисми (ёлланма жангчи) билан баҳолади. Шу билан бирга, 154-1-модда бўйича айблов ортиқча деб топилиб, ишдан чиқарилди.
Айбни тан олгани, пушаймонлиги, аввал судланмагани, ижобий тавсифи ва соғлиғи ҳисобга олиниб, унга енгилроқ жазо тайинланди. Суд ҳукмига кўра, у 4 йил муддатга озодликни чеклаш жазосига ҳукм қилиниб, яшаш жойини тарк этмаслик мажбурияти юклатилди.
Изоҳ