Пойтахтда жамоат транспорти ҳаракати устуворлигини ошириш бўйича босқичма-босқич ишлар давом этмоқда. Бу ҳақда Тошкент шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.
Жумладан, автобусларнинг тезроқ ҳаракатланиши ва умумий транспорт оқимига боғлиқ бўлмаслигини таъминлаш мақсадида улар учун алоҳида йўлаклар ташкил этиш устида иш олиб борилмоқда. Бу, жумладан, пойтахтда автомобиллар сони ҳар йили қарийб 30 мингтага кўпайиб бораётгани билан боғлиқ.
Ҳозиргача мутахассислар жамоат транспорти йўналишлари ўтган, умумий узунлиги 150 кмдан ортиқ бўлган йўл қисмларини таҳлил қилган. Таҳлил натижаларига кўра, қарийб 18 км йўлда ишларни бошлаш тавсия этилган.
Лойиҳага умумий узунлиги 17,9 км бўлган тўртта йўналиш киритилган:
Муқимий кўчаси — Яшнобод ва Чилонзор туманлари ҳудудида 4,6 км;
Қоратoш ва Кўкча Дарвоза кўчалари — Шайхонтоҳур туманида 4,2 км;
Паркент кўчаси — Мирзо Улуғбек туманида 2,8 км;
Мирзо Улуғбек шоҳкўчаси — Мирзо Улуғбек туманида 6,3 км.
Ушбу ҳудудларда марказий кўчаларни таъмирлаш ва автобуслар ҳаракати учун алоҳида йўлаклар ташкил этиш режалаштирилган.
Ҳокимлик маълум қилишича, пойтахт ҳокимининг тегишли қарори имзоланган ва лойиҳа ҳужжатларини ишлаб чиқиш учун бюджет шакллантирилмоқда. Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, бу мақсадлар учун қарийб 6,5 млрд сўм талаб этилади. Харажатларни Тошкентни ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан қоплаш режалаштирилган.
Лойиҳалар буюртмачиси сифатида «Тошкент инвест компанияси» АЖ белгиланиши кутилмоқда. Лойиҳа ташкилотлари, пудратчилар ва техник назорат хизматларини кўрсатувчи ташкилотлар танлов асосида аниқланади.
Ҳокимлик таъкидлашича, қурилиш ишлари бошланишидан олдин муҳандислик коммуникациялари ва коммунал инфратузилма тармоқлари текширилади. Носозликлар аниқланган тақдирда, тармоқлар белгиланган тартибда таъмирланади, кўчирилади ёки алмаштирилади. Шунингдек, йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш ва тирбандликларнинг олдини олиш чоралари кўрилади.
Лойиҳа талабларига қулай пиёдалар йўлаклари, сифатли йўл белгилари, бекат мажмуалари ва ёритиш тизимлари ҳам киради. Йўл қопламаси сифатига ҳам алоҳида эътибор қаратилади.
Ҳокимлик маълумотига кўра, йўл қопламасида полимер модификацияланган битум ва тоғ жинсларидан олинган мустаҳкам шағалдан тайёрланган ПЩМАдан фойдаланиш талаби сақланиб қолади. Ушбу қоплама 2023 йилдан буён пойтахт иқлим шароитида ўзини яхши томондан кўрсатган.
Изоҳ