Аввалроқ Денов тумани ИИО ФМБ ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўлими вояга етмаганлар ишлари бўйича собиқ инспектор-психологи А.Р. қиз билан жинсий алоқада бўлганликда гумонлангани ҳақида хабар берган эдик.
Унга нисбатан ЖКнинг 128-моддаси (ўн олти ёшга тўлмаган шахс билан жинсий алоқа қилиш), 129-моддаси 3-қисми (ўн олти ёшга тўлмаган шахсга нисбатан уятсиз-бузуқ ҳаракатлар қилиш) ва 206-моддаси 1-қисми (ҳокимият ёки мансаб ваколати доирасидан четга чиқиш) билан жиноят иши қўзғатилган.
22 июль куни жиноят ишлари бўйича Денов туман судининг ҳукми билан А.Р. ЖКнинг 118-моддаси 4-қисми (номусга тегиш) ва 206-моддаси 1-қисмида (ҳокимият ёки мансаб ваколати доирасидан четга чиқиш) назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбдор деб топилди.
Унга 2 йил муддатга ички ишлар органларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиб, 15 йил 1 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Маҳкум жазони умумий тартибли жазони ижро этиш колониясида ўтайдиган бўлди.
Бир неча кун олдин "Негатив" муаллифи терговнинг тўлиқлиги ва холислигини, шунингдек, вояга етмаганлар ишлари бўйича собиқ инспектор А.Р.га нисбатан жиноят ишини кўриб чиқишда процессуал нормаларга риоя этилишини шубҳа остига олди.
Адвокатларнинг таъкидлашича, суд уларнинг илтимосномаларини асоссиз равишда рад этган, бир қатор гувоҳлар ва экспертларни сўроқ қилиш учун чақирмаган.
Муаллиф, шунингдек, ашёвий далилларни Республика суд экспертизаси марказига ташишда эҳтимолий қоидабузарликларни ҳам кўрсатиб ўтади. Ҳимоячининг фикрича, улар қонунда белгиланган тартибга риоя қилинмасдан, холислар иштирокисиз ва тегишли тартибда расмийлаштирилмасдан топширилган, бу эса уларнинг сақланиши ва далил сифатида мақбуллигини шубҳа остига қўяди.
Шу билан бирга, Сурхондарё вилояти судлари ҳозирда суд ҳукми устидан шикоят ёки протест келиб тушмаганини маълум қилди.
Изоҳ