Давлат чегарасини демаркация қилиш доирасида илгари Ўзбекистон ҳудудига қарашли бўлган ва тахминан 2500 нафар аҳоли яшайдиган икки аҳоли пункти Қирғизистон таркибига ўтди. Бу ҳақда Қирғизистон президенти матбуот котиби Аскат Алагозов маълум қилди.
Гап Фарғона вилояти таркибида бўлган, этник қирғизлар яшайдиган Чонгара ва Таш-Тўбо қишлоқлари ҳақида бормоқда. Маълум қилинишича, яқин вақт ичида ушбу ҳудуд аҳолисини рўйхатдан ўтказиш ишлари бошланади ва шундан сўнг уларга Қирғизистон фуқаролиги берилади.
Мазкур аҳоли пунктлари эвазига Қирғизистон Ўзбекистонга чегара ҳудудида майдони жиҳатидан тенг бўлган ер участкаларини топширди.
Шунингдек, Сой қишлоғидан Таян қишлоғигача бўлган автомобиль йўлини қуриш мақсадида томонлар умумий майдони 236 гектар бўлган тенг қийматли ер участкаларини ҳам ўзаро алмашди.
Бундан ташқари, Қирғизистон Қозоғистонга Тўқмоқ шаҳри ҳудудидаги 800 метрлик йўл қисми бўйича тенг қийматли ер участкаларини алмашиш таклифини киритгани хабар қилинди.
Ушбу лойиҳа амалга оширилса, Алмати кўчасидан Кемин шаҳригача бўлган тахминан 150 километр узунликдаги пуллик автомагистрални барпо этиш имкони яратилади.
Изоҳ