ДХХ маълумотларига кўра, сўнгги пайтларда Ўзбекистон фуқароларининг рақамларига хориждан шубҳали қўнғироқлар тез-тез қайд этилмоқда.
Махсус дастурлардан фойдаланган ҳолда қўнғироқлар интернет орқали амалга оширилади, рақамлар эса олдиндан ниқобланади, шу сабабли уяли алоқа операторлари учун қўнғироқ манбасини аниқлаш қийин. Шу билан бирга, бундай рақамлар расмий маълумотлар базаларида мавжуд эмас, чунки улар ҳақиқий СИМ-карталар эмас, балки бевосита қўнғироқ пайтида вақтинчалик ва сохта сифатида яратилади.
Қайд этилишича, номаълум хорижий рақамларга қайта қўнғироқ қилиш ҳисобдан маблағ ечиб олинишига олиб келиши мумкин. Бундан ташқари, фирибгарлар ўзларини турли ташкилотларнинг ходимлари деб таништириб, шахсий маълумотлар ва банк маълумотларига киришга ҳаракат қилишлари мумкин.
Абонент овозини ёзиб олиш имконияти алоҳида хавф туғдиради. Кейинчалик бундай ёзувлар сунъий интеллект технологияларидан фойдаланган ҳолда сохта аудио хабарлар яратиш учун ишлатилиши мумкин, бу эса жиноятчиларга жабрланувчининг қариндошлари ва танишларини чалғитиш имконини беради.
Мутахассислар фуқароларга нотаниш ва шубҳали хорижий рақамлардан келадиган қўнғироқларга жавоб бермасликни, уларга қайта қўнғироқ қилмасликни, бундай алоқаларни блоклашни ва шахсий маълумотларни учинчи шахсларга бермасликни тавсия қилмоқда.
Изоҳ