Испаниялик таниқли футзал мутахассиси Хосе Мария Мендес Ўзбекистон миллий футзал терма жамоасининг янги бош мураббийи этиб тайинланди. Ўзбекистон футзал федерацияси ҳамда мураббий ўртасида икки йиллик шартнома имзоланди. Бу ҳақда Ўзбекистон футзал федерацияси Матбуот хизмати хабар берди.
Мендес Ўзбекистон футзал ишқибозларига яхши таниш. У аввал ҳам икки бор Ўзбекистон миллий терма жамоасини бошқарган: дастлаб 2011–2012 йилларда, сўнг 2014–2017 йилларда. Унинг раҳбарлиги остида терма жамоа 2014 йилги Осиё чемпионатида бронза, 2016 йилда эса кумуш медални қўлга киритган.
2008–2009 йилларда Таиланд, 2010 йилда эса Вьетнам миллий терма жамоаларини бошқарган. Шундан сўнг унинг Ўзбекистон билан боғлиқ фаолияти бошланган. Миллий терма жамоадан ташқари, 2016–2017 йилларда мамлакат чемпиони "Ардус" клубида ҳам ишлаган. Шунингдек, Ўзбекистон ёшлар терма жамоасига асос солиб, қатор иқтидорли футзалчиларни кашф этган.
2019–2026 йиллар давомида у яна Таиландда фаолият олиб борди. Мураббий сифатида икки карра Осиё кубоги вице-чемпиони, бронза медали совриндори, шунингдек клублар ўртасидаги Осиё чемпионати ҳамда Осиё кубок эгалари кубоги ғолиби бўлган.
Ўзбекистон футзал федерацияси Хосе Мария Мендес миллий терма жамоа билан футзал тарихида янги саҳифалар очишига ишонч билдирди.
Изоҳ