Ўзбекистонда аёллар ва болалар ҳуқуқларини ишончли таъминлаш, уларни ҳар қандай тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш ҳамда эрта никоҳ ҳолатларининг олдини олишга қаратилган Президент фармони қабул қилинди.
Ҳужжатга кўра, эрта никоҳларнинг олдини олиш, ёшларни онгли равишда оила қуришга тайёрлаш ва ота-оналар масъулиятини ошириш асосий мақсадлардан бири этиб белгиланди. 2027 йилдан бошлаб ҳар икки тараф камида 21 ёшга тўлиб, биринчи марта никоҳ тузган ёш оилаларга қўшимча имтиёзлар берилади.
Ижтимоий реестрга киритилган бундай оилаларга ажратиладиган молиявий кўмак миқдори 1,5 бараварга оширилади. Никоҳ шартномасини тузганлар давлат божидан озод этилади.
2026/2027 ўқув йилидан бошлаб ҳомиладор талаба-қизлар ва 3 ёшгача фарзанд тарбияси билан шуғулланаётган талабаларга таълимни давом эттириш учун “иккинчи имконият” яратилади. Уларга масофавий таълим олиш, академик таътил даврида ўқишни давом эттириш ҳамда қўшимча шароитлар яратиш чоралари кўрилади.
Эрта никоҳ ва 16 ёшгача бўлган ҳомиладорлик ҳолатлари ҳақида тегишли органларга хабар бериш мажбурияти жорий этилади. Бундай ҳолатлар бўйича хабар берган шахслар жарима маблағининг 15 фоизи ҳисобидан рағбатлантирилади. Шунингдек, 2026 йил охирига қадар “O‘smir-signal” электрон модули ишлаб чиқилиб, тегишли идоралар ахборот тизимлари интеграция қилинади.
2026 йил 1 апрелдан ҳимоя ордери берилган жабрланувчиларнинг телефонларига зудлик билан ёрдам чақириш имконини берувчи (“SOS”) мобил илова ўрнатилади.
Жиноят қонунчилиги ҳам кучайтирилади. Вояга етмаганларга нисбатан жинсий жиноятлар бўйича тергов ва суд ишлари махсус тайёргарликдан ўтган терговчи ва судьялар томонидан кўриб чиқилади. Қатор жиноятлар бўйича жазо чоралари оғирлаштирилиши режалаштирилган.
Шунингдек, фемицид, сталкинг, киберзўравонлик ва онлайн-груминг учун жавобгарлик белгилаш бўйича таклифлар ишлаб чиқилади.
Изоҳ