Жаҳон банки ижрочи директорлар кенгаши Ўзбекистон учун 250 миллион доллар миқдоридаги молиялаштириш пакетини маъқуллади. Маблағлар “Шаҳарларда яшаш ва унумдорликни ошириш учун қулай шароитлар яратиш” (LPCP) дастури доирасида 16 та туман ва шаҳарда муниципал инфратузилма ҳамда хизматларни ривожлантиришга йўналтирилади.
Дастур 2025 йилда бошланган ҳудудларни жадал комплекс ривожлантириш давлат дастурини қўллаб-қувватлаб, сув таъминоти, канализация, йўллар, жамоат транспорти, жамоат жойлари ва боғлар каби инфратузилмаларни яхшилашни назарда тутади. Ерларни олиб қўйиш ёки аҳолини мажбурий кўчиришга олиб келадиган лойиҳалар молиялаштирилмайди.
LPCP дастури Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳамда маҳаллий ҳокимиятлар ҳамкорлигида амалга оширилади. Молиялаштириш ҳажми ҳудудларнинг самарадорлик кўрсаткичларига боғлиқ бўлади.
Жаҳон банки томонидан молиялаштириладиган LPCP дастури давлат дастурида назарда тутилган тадбирларни амалга оширишни қўллаб-қувватлайди ва мамлакатнинг 13 та ҳудудида инфратузилмани ривожлантиришга ёрдам беради. Янгийўл ва Марғилон шаҳарлари, шунингдек, республика бўйича 14 та туман, жумладан, Қўнғирот, Чимбой, Асака, Ғиждувон, Ғаллаорол, Яккабоғ, Хатирчи, Чортоқ, Булунғур, Сирдарё, Денов, Қува, Шовот ва Ҳазорасп туманлари шулар жумласидандир.
LPCP дастури Иқтисодиёт ва молия вазирлиги (ИМВ) томонидан мақсадли вилоятлар, туманлар ва шаҳарлардаги маҳаллий ҳокимият органлари билан келишилган ҳолда амалга оширилади. Дастур қуйидаги мақсадларга эришишни кўзлайди:
Аҳоли ва бизнеснинг муниципал инфратузилма ва хизматлардан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш. Бунда ижтимоий, коммунал, транспорт, савдо, ишбилармонлик, туризм инфратузилмаси ва жамоат жойларини ривожлантиришга сармоя киритилади. Булар тиббиёт ва мактабгача таълим муассасалари, мактаблар, сув таъминоти ва канализация тизимлари, жамоат ҳожатхоналари, йўллар, пиёдалар ҳудудлари, бозорлар, боғлар, шаҳарни сув тошқинидан ҳимоя қилиш иншоотлари, шунингдек, тегишли туман ва шаҳарларда талаб қилинадиган бошқа инфратузилмалардир.
LPCP дастури доирасида ерларни олиб қўйиш ёки фуқароларнинг мажбурий кўчирилишига олиб келиши мумкин бўлган инфратузилма лойиҳалари молиялаштирилмайди.
Ҳар йили LPCP дастурида иштирок этадиган маҳаллий ҳокимият органларига ИМВ маблағларини ажратишда уларнинг ҳудудий режалаштириш сифати, капитал харажатларни бошқариш ва инфратузилма лойиҳаларини амалга ошириш каби белгиланган самарадорлик кўрсаткичларига эришганлиги инобатга олинади. Шу тариқа, LPCP дастури маҳаллий ҳокимият органларини қўллаб-қувватлаш ҳажми уларнинг фаолияти самарадорлигига бевосита боғлиқ бўлган мамлакатдаги биринчи молиявий модель бўлади.
2030 йилга келиб, LPCP дастури орқали мамлакатнинг 16 та туман ва шаҳарида 1 миллионга яқин аҳолининг турмуш шароитларини тўғридан-тўғри яхшилаш режалаштирилган. Бунда муниципал хизматлар ва инфратузилма сифати ошиши натижасида турмуш сифати яхшиланадиган бенефициарларнинг ярмини аёллар ташкил этади.
Хусусан, дастур 300 минг кишининг транспорт хизматларидан фойдаланиш имкониятини яхшилашни, шунингдек, 400 минг аҳоли учун жамоат жойлари ва боғларни ривожлантиришни таъминлайди. Дастур доирасида инфратузилма лойиҳаларини амалга ошириш қурилиш соҳасида 10 мингга яқин вақтинчалик иш ўринларини яратиш имконини беради.
Изоҳ