Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида депутатлар "2026 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида"ги қонун лойиҳасини биринчи ўқишда кўриб чиқдилар. Қонун лойиҳаси бўйича бош вазир ўринбосари - иқтисодиёт ва молия вазири Жамшид Қўчқоров маъруза қилди.
Қонун лойиҳасида 2026 йилда Ўзбекистон ялпи ички маҳсулотининг реал ўсиши 6,6 фоизни ташкил этиб, аҳоли жон бошига 4686 долларга етиши кўзда тутилган. Ўсиш суръатлари саноатда 6,4 фоиз, қишлоқ хўжалигида 4,2 фоиз, бозор хизматлари соҳасида 14,5 фоиз, қурилишда 10,2 фоиз бўлиши прогноз қилинмоқда. Шунингдек, инфляция даражаси пасайиши кутилмоқда.
Шу билан бирга, 2026 йил учун консолидациялашган бюджет даромадлари ҳажми 515,4 трлн сўм, харажатлари 567 трлн сўм миқдорида белгиланиши, консолидациялашган бюджетнинг ялпи ички маҳсулотга нисбатан тақчиллиги 3 фоизни ташкил этиши, ташқи қарзнинг чекланган ҳажми жорий йилга нисбатан 5 млрд долларгача пасайиши назарда тутилган.
Муҳокамалар давомида депутатлар асосий солиқ ва божхона ставкаларини 2026 йилда ҳам ўзгаришсиз қолдириш иқтисодий ўсиш ва солиқ базасини кенгайтириш ҳисобига бюджет даромадлари ўсишини таъминлашга хизмат қилишига эътибор қаратдилар. Солиқ маъмуриятчилигини такомиллаштириш бўйича тизимли чора-тадбирлар мамлакат иқтисодиётида рақобат муҳитини яратишга хизмат қилиши таъкидланди.
Шунингдек, аҳоли турмуш сифатини яхшилаш, фуқароларнинг реал даромадларини ошириш ва ижтимоий ҳимояни кучайтириш мақсадида пенсиялар, стипендиялар ва нафақалар миқдорини йиллик инфляция даражасидан ошириш бўйича чора-тадбирларни давом эттириш қўллаб-қувватланди.
Лойиҳада келгуси йилда ижтимоий соҳага 220 триллион сўм ёки жами харажатларнинг қарийб 55 фоизи йўналтирилиши белгиланган. Давлат бюджети маблағларининг 25,5 фоизи таълим ва илм-фанга, 12,1 фоизи соғлиқни сақлашга, 4,2 фоизи аҳолини ижтимоий ҳимоя қилишга йўналтирилиши назарда тутилмоқда.
Таъкидланганидек, маҳаллий бюджетлар даромадларини ошириш, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларининг ваколатларини кенгайтириш, туман ва шаҳар бюджетларининг даромад базасини мустаҳкамлаш ва уларнинг мустақиллигини оширишга қаратилган аниқ чора-тадбирлар белгиланган. Ушбу чора-тадбирлар ҳудудлардаги ижтимоий муаммоларга тезроқ иқтисодий ечим топиш ва бу борадаги мавжуд муаммоларни самарали бартараф этиш имконини бериши таъкидланди.
Муҳокамалар чоғида халқ вакиллари давлат ҳокимияти органлари ва ташкилотлари томонидан бюджет маблағларидан самарали ва оқилона фойдаланилишини таъминлаш мақсадида парламент ва депутатлик назоратини амалга ошириш зарурлигини қайд этдилар.
Шунингдек, бюджет даромадларини кўпайтириш, солиқ базасини янада кенгайтириш, "яширин иқтисодиёт"ни қисқартириш, бюджет маблағларидан фойдаланишда коррупсиявий омиллар ва бюрократик тўсиқларни бартараф этиш бўйича таклиф ва тавсиялар берилди.
Сиёсий партиялар фракцияларининг чиқишларидан сўнг Давлат бюджети тўғрисидаги қонун лойиҳаси биринчи ўқишда концептуал жиҳатдан қабул қилинди.
Изоҳ