Тошкент вилоятининг Нурафшон шаҳрида йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш, йўл-транспорт ҳодисаларини олдини олиш мақсадида синов тариқасида сунъий интеллект асосида ишлайдиган замонавий пиёдалар ўтиш жойи ишга туширилди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги Матбуот хизмати хабар қилди.
Ушбу инновацион тизим кечки ва тунги вақтларда пиёдалар йўлга чиққан заҳоти автоматик тарзда ҳайдовчиларга “Диққат, пиёда!” ёзуви орқали огоҳлантириш беради.
Махсус проекторлар ёрдамида йўл устида 5.16.1 ва 5.16.2 йўл белгиларининг акси туширилади ҳамда зебра чизиқларини ёритиб, ҳайдовчилар учун янада кўринадиган ҳолга келтирилади. Бу эса пиёдалар иштирокида содир бўлиши мумкин бўлган йўл-транспорт ҳодисаларини олдини олишга хизмат қилади.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, ушбу тизим синовдан муваффақиятли ўтса, Тошкент вилояти ва республиканинг бошқа ҳудудларида ҳам жорий этилиши режалаштирилган.
Изоҳ