Ўзбекистоннинг янги тайинланган Фавқулодда ва Мухтор Элчиси Илҳом Ҳайдаров Туркия Президенти Режеп Таййип Эрдоғанга ишонч ёрлиқларини топширди, деб хабар бермоқда "Дунё" АА.
Расмий маросимдан сўнг бўлиб ўтган суҳбат чоғида Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги чуқурлаштирилган кенг қамровли стратегик шериклик муносабатларининг бугунги ҳолати ва уни янада ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинди.
Ўзбекистон ва Туркия Президентлари ўртасида самимий ва дўстона муносабатлар қарор топгани алоҳида таъкидланди. Йил охирига қадар режалаштирилган олий ва юқори даражадаги тадбирларга эътибор қаратилди.
Ўзаро савдо-иқтисодий алоқаларни, иқтисодий дипломатияни янада ривожлантириш учун юқори салоҳият мавжудлиги, яқин йилларда ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини 5 миллиард АҚШ долларига етказишнинг муҳимлиги қайд этилди.
Туркия Президенти Ўзбекистон элчисига ўзаро муносабатларни мустаҳкамлаш йўлидаги масъулиятли фаолиятига муваффақият тилади ҳамда дипломатнинг ўз вазифаларини адо этишида барча давлат ташкилотлари яқиндан кўмак беришини қайд этди.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистоннинг Туркияга янги тайинланган элчиси Илҳом Ҳайдаров 16 июнь куни Анқара шаҳрига етиб борган эди. У шу куннинг иккинчи ярмида Туркия Ташқи ишлар вазирлиги Протокол Бош бошқармаси бошлиғи, элчи Аҳмет Жемил Мироғлуга ишонч ёрлиқлари нусхаларини топширди.
Илҳом Ҳайдаров Олий Мажлис Сенатининг Халқаро муносабатлар, ташқи иқтисодий алоқалар, хорижий инвестициялар ва туризм масалалари қўмитаси раиси этиб сайланган Алишер Агзамходжаев ўрнига тайинланган.
Изоҳ