2020 йил ноябрь ойидан 2025 йил 30 декабргача ўтказилган таҳлил натижаларига кўра, банклар орқали аҳолига умумий оғирлиги 1,2 тонна бўлган жами 65 150 дона ўлчовли олтин қуймалари сотилган. Бу ҳақда Марказий банк шарҳида айтилади.
Ушбу даврда олтин қуймалари билан операцияларни амалга оширувчи банклар сони 12 тадан 19 тага, сотув нуқталари сони эса 34 тадан 170 тага кўпайди.
Хусусан, 2025 йилда ушбу сегментда талаб сезиларли даражада ошди: йил давомида банклар томонидан 661 кг ёки 33 939 дона олтин қуймалари сотилди. Бу кўрсаткич 2020-2024 йиллардаги умумий савдо ҳажмидан ошиб кетди.
Шунга кўра, 2025 йилда аҳолига сотилган ўлчовли олтин қуймалар (33 939 дона) миқдори 2020-2024 йилларда сотилган жами қуймалар (31 211 дона) миқдоридан 8,7% га кўп бўлган.
Ушбу ўсиш асосан 2024-2025 йилларда олтиннинг жаҳон нархлари тарихий максимумларга яқинлашгани билан изоҳланади. Олтин нархининг ошиши фонида аҳолининг жамғарма ва инвестиция мақсадларида ўлчовли олтин қуймаларига бўлган талаби ҳам ортиб бормоқда.
Аҳоли орасида 5 ва 10 граммли қуймалар энг кўп талабга эга - уларга барча сотувларнинг 60% дан ортиғи тўғри келади. Бу шундан далолат берадики, ихчам қуймалар жамғаришнинг энг қулай ва арзон воситасига айланмоқда. Бундан ташқари, 2025 йилдан бошлаб 100 граммлик қуймалар муомалага киритилди.
Бундан ташқари, 2020-2025 йиллар давомида банклар томонидан аҳолидан умумий оғирлиги 201 кг бўлган 11 828 дона ўлчовли олтин қуймалари сотиб олинган.
Эслатиб ўтамиз, 2025 йилда банкларнинг мобил иловалари орқали олтинни сотиб олиш, қайта сотиб олиш ва сақлаш механизмлари жорий этилди. Шунингдек, электрон металл ҳисоб рақамлари орқали 0,1 граммдан бошлаб олтин сотиб олиш имконияти пайдо бўлди.
Ўлчовли олтин қуймалари махсус ҳимоя қадоқларида етказиб берилади ва ҚР-код, крипто-муҳр ва серия рақами каби замонавий ҳимоя элементлари билан жиҳозланган. Бу ҳақиқийлигини текшириш, идентификация қилиш имкониятини беради ва операцияларнинг шаффофлигини оширади.
Изоҳ