Ҳайдовчилик ҳуқуқисиз ёки ушбу ҳуқуқдан маҳрум этилган шахсларнинг қонунбузарликлари жамият учун катта кўнгилсизликлар келтириб чиқаришининг олдини олишда энди рақамли технологиялар имкониятларидан кенг фойдаланилади, дея хабар бермоқда ИИВ Жамоат хавфсизлиги департаменти Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати Матбуот хизмати.
Қайд этилишича, ҳозирда мамлакат автомобиль йўлларида шахснинг юзини аниқлаш функциясига эга камералар ҳамда фото ва видео қайд этиш қурилмалари ўрнатилган бўлиб, жорий йилнинг 23 февралидан 3 март кунигача тест режимида ишлаган ушбу қурилмалар орқали бир қанча ҳайдовчилик ҳуқуқидан маҳрум этилган фуқароларнинг машина бошқаргани, бошқарув вақтида телефондан фойдаланганликлари аниқланган.
Эндиликда ушбу қурилмалар қоидабузарликларга нисбатан онлайн равишда чора кўришни бошлайди.
Бошқарув ҳуқуқидан маҳрум этилган шахсларнинг транспорт воситасини бошқариши МЖтКнинг 135-моддаси 3-қисми билан БҲМнинг 50 баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.
Агар ҳайдовчилик ҳуқуқидан маҳрум этилган шахс маъмурий жазо қўлланилгандан кейин ҳам автомашина бошқарса, унга нисбатан Жиноят кодексининг 261²-моддаси билан БҲМнинг 50 бараваридан 100 бараваригача миқдорда жарима ёки икки йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд икки йилдан уч йилгача озодликдан маҳрум этиш билан жазоланади.
Изоҳ