Жорий йил 4 март ҳолатига кўра, Ўзбекистон резидент компаниялари томонидан Мадина ва Жиддадан 21 та рейс амалга оширилган бўлиб, уларда 4948 нафар йўловчи олиб келинган. Яна 235 нафар йўловчи Дубайдан олиб келинди, деб хабар беради Транспорт вазирлиги Матбуот хизмати.
Яқин Шарқ минтақасида давом этаётган ҳарбий можаролар натижасида Баҳрайн, Қувайт, Сурия, Ироқ, Эрон, Қатар, Исроил, Иордания, БАА ва Ливан ҳаво ҳудуди турли муддатларга парвозлар учун ёпиқлигича қолмоқда. 28 февралдан 2 мартга қадар 1681 нафар Ўзбекистон фуқароси Кувайт, Исроил, Саудия Арабистони, Қатар ва БААдан учиб кета олмади.
Президентнинг ватандошларни ватанга қайтаришни самарали ташкил этиш бўйича топшириғи доирасида Транспорт вазирлиги томонидан резидент авиакомпаниялар ва хорижий авиакомпаниялар билан биргаликда аниқ режалар ишлаб чиқилди. Ишларни мувофиқлаштириш мақсадида "Ўзавиация" агентлигида 24/7 режимида ишлайдиган штаб ташкил этилди.
Қатор давлатларнинг ҳаво ҳудуди ёпиқлигича қолаётгани ва вазият ўзгариб бораётганини инобатга олиб, шунингдек, хорижий давлатларнинг авиация маъмурлари билан музокаралар якунлари бўйича эришилган келишувларни инобатга олиб, барча авиакомпаниялар парвозларни амалга оширишда амал қилиши лозим бўлган талаблар белгилаб олинди. Айни пайтда 28 февралга қадар жўнаб кетган йўловчиларни Ўзбекистонга қайтариш мақсадида резидент ва норезидент авиакомпаниялар томонидан рейслар амалга оширилмоқда.
Ушбу рейслар бўйича маълумотларга аниқлик киритиш учун фақат авиакомпания ваколатхоналарига мурожаат қилиш мумкин. Фуқароларга текширилмаган воситачиларга мурожаат қилмаслик тавсия этилади.
Шунингдек, йўловчилар "Ўзавиация" агентлигининг кеча-ю кундуз ишлайдиган Call-марказига қуйидаги рақамлар орқали мурожаат қилишлари мумкин: +998 78 120-00-72, +998 (71) 200-07-65.
Изоҳ