Давлат хавфсизлик хизмати ҳамда бошқа ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан ўтказилган тезкор тадбирларда деҳқон бозорларидаги мансабдор шахслар савдо жойларини аукцион орқали сотиш ўрнига, шахсий манфаатдорлик йўлида фуқароларга ноқонуний равишда сотиб келгани аниқланди.
Маълум бўлишича, Қарши шаҳридаги деҳқон бозори раиси ва назоратчиси ўзаро тил бириктириб, бозор ҳудудида янги қурилган 110 квадрат метрлик савдо дўконини тадбиркор номи билан расмийлаштириб бериш эвазига 80 минг доллар талаб қилган. Улар фуқародан олдиндан 30 минг АҚШ долларини олган вақтида ашёвий далиллар билан қўлга олинган.
Мазкур ҳолат юзасидан уларга нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисми “а” банди ҳамда 28,211-моддаси 3-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Шунингдек, Бухоро шаҳридаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари улгуржи бозори раҳбари ва иш юритувчиси ҳам ўзаро тил бириктирган ҳолда, бозор ҳудудида енгил конструкцияли савдо дўкони қуриш ва тадбиркорлик қилиш учун 120 квадрат метр ер ажратиб бериш эвазига фуқародан 11 минг АҚШ доллари олган вақтида ушланган.
Ушбу ҳолат бўйича ҳам Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми “а, в” бандлари билан жиноят иши қўзғатилиб, ҳозирда тергов ҳаракатлари давом этмоқда.
Изоҳ