Рақобат қўмитаси томонидан Ўзбекистон Марказий банки билан ҳамкорликда хорижий давлатлар тажрибасини инобатга олган ҳолда “Реклама тўғрисида”ги Қонунининг 43-моддасига тегишли қўшимчалар киритиш таклиф қилинмоқда.
Мазкур таклифларга кўра, аҳолига таклиф этилаётган кредит, жумладан микроқарзлар реклама қилинганда, реклама майдони ва вақтининг камида 10 фоизи бундай молиявий хизматлардан фойдаланиш оқибатида юзага келиши мумкин бўлган молиявий хатарлар тўғрисидаги огоҳлантиришга ажратилиши белгиланмоқда.
Ушбу ташаббус аҳолининг молиявий хабардорлигини ошириш, онгли қарз олиш маданиятини шакллантириш ҳамда ортиқча қарз юкининг олдини олишга қаратилган.
"Сўнгги йилларда мамлакатимизда микроқарз ва истеъмол кредитлари бозорида фаоллик ортиб бораётгани кузатилмоқда. Шу билан бирга, айрим кредит ташкилотлари томонидан агрессив маркетинг ва реклама орқали аҳоли ўртасида бундай молиявий хизматларнинг оммалашуви, натижада эса қарз юкининг кескин ўсиши кузатилмоқда.
Аксар ҳолларда бундай қарз маҳсулотлари реклама ва тарғибот материалларида аҳолининг эътибори уларни тез ва осон тарзда олиш имкониятига қаратилади. Бироқ, бундай ёндашувлар қарз мажбуриятларининг келгусида келтириб чиқариши мумкин бўлган молиявий хатарлари тўғрисида етарлича маълумот бермаслиги оқибатида фуқаролар молиявий қийинчиликларга дуч келиши мумкин", - дейилади хабарда.
Изоҳ