Жаҳон банки ижрочи директорлар кенгаши Ўзбекистонда камбағалликни қисқартиришда давом этиш, иш ўринларини яратиш, хусусий секторни ривожлантириш ва мамлакат иқтисодиётининг стратегик муҳим тармоқларида рақобатни кучайтиришга қаратилган ислоҳотларни қўллаб-қувватлаш учун имтиёзли кредитлар кўринишидаги 800 млн долларлик молиявий пакетни ажратишни маъқуллади.
Жаҳон банки томонидан ушбу операция доирасида қўллаб-қувватланаётган давлат сиёсати чоралари кам таъминланган уй хўжаликлари учун энергия тарифлари оширилиши оқибатларини юмшатиш; аёлларни иш жойидаги тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш; аҳолининг заиф қатламларининг ижтимоий хизматлардан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш; телекоммуникация, қишлоқ хўжалиги ва энергетика соҳаларида рақобатни кучайтириш, шунингдек, Ўзбекистоннинг халқаро савдосини кенгайтиришга йўналтирилган.
Юқорида қайд этилган ислоҳотларни амалга ошириш учун Жаҳон банки 800 млн доллар миқдорида имтиёзли кредитлар ажратади. Ушбу маблағлар ҳукуматга узоқ муддатли қайтариш шартлари асосида паст фоиз ставкаси билан тақдим этилади. Бундай кредитлаш шартлари халқаро молия бозорларидагига қараганда анча фойдалироқ.
Бу орқали Ўзбекистон қарз бўйича хизмат кўрсатиш харажатларини қисқартириши ва тежалган бюджет маблағларини устувор ижтимоий-иқтисодий масалаларни ҳал этишга йўналтириши мумкин бўлади.
Изоҳ