Кеча, Мўйноқдаги газ конида газ сизиб чиққани ва ёнғин содир бўлгани айтилган хабар ижтимоий тармоқларга сиздирилди. Ушбу ҳолат юзасидан Энергетика вазирлиги Матбуот хизмати муносабат билдирди.
Унга кўра, кеча, 26 июль куни Қорақалпоғистон Республикаси Мўйноқ тумани "Учсой" ОФЙ ҳудудида жойлашган "Муйноқ" конида олиб борилаётган бурғилаш ишлари давомида 5000 метр чуқурликка мўлжалланган 1-сонли қудуқда 4707 метр чуқурликдан газ чиқиши кузатилган. Бу қудуқ — ушбу конда бурғилаш ишлари бошланган биринчи қудуқ ҳисобланади.
"Газ босими кутилган даражадан юқори бўлганлиги сабабли, барча хавфсизлик қоидаларига амал қилган ҳолда қудуқни ликвидация қилиш ва босимни бартараф этиш ишлари олиб борилмоқда. Энг асосийси, ушбу қудуқ аҳоли яшаш жойидан узоқда ва газ таркибида олтингугурт йўқ бўлган тоза метан ҳисобланади. Қайд этиш жоизки Устюрт ҳудудидаги барча конлардан олинадиган табиий газ таркибида олтингугурт учрамайди," - дейилади хабарда.
Энергетика вазирлиги ҳолатни бартараф этиш учун хизмат қилаётган ишчи ходимлар соғлигини сақлаш, шунингдек, атроф-муҳит ва ҳайвонот оламига зарар етишининг олдини олиш мақсадида газ назорат остида ёқиб қўйилгани ва ҳеч ким тан жароҳати олмагани ҳамда ҳолат юзасидан қўшимча ахборот берилишини маълум қилди.
Изоҳ