Ўзбекистон Интерполининг Миллий марказий бюроси кўмагида Америка Қўшма Штатларида қидирувдаги шахснинг жойлашган ўрни аниқланиб, у ўз юртига қайтарилди. Бу ҳақда Интерполнинг Ўзбекистондаги Миллий марказий бюроси Матбуот хизмати хабар қилди.
Ўзбекистон Интерпол Миллий марказий бюросининг ахборот кўмаги ҳамда АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонаси билан яқин ҳамкорлиги туфайли, мамлакат ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан қидирилаётган Ўзбекистон фуқароси қўлга олинди ва мамлакатдан чиқариб юборилди.
Ушбу шахс Жиноят кодексининг 168-моддаси, 4-қисмида назарда тутилган ўта йирик миқдордаги фирибгарлик содир этганликда айбланмоқда эди.
Ўзбекистон Интерпол MMB ходимлари ва АҚШнинг ваколатли органлари ўртасида ўтказилган музокаралар, қўшма тезкор ҳаракатлар ҳамда ўзаро маълумотлар алмашиш натижасида, Америка томони билан ҳамкорликда қидирув эълон қилинган шахсни мамлакат ҳудудидан чиқариб юбориш тўғрисида қарор қабул қилинди.
АҚШнинг Иммиграция ва божхона полицияси (ICE) ходимлари кузатувида жиноятчи Ислом Каримов номидаги Халқаро аэропортга келтирилди ва кейинчалик жавобгарликка тортиш мақсадида Интерполнинг Ўзбекистондаги Миллий марказий бюроси ходимларига топширилди.
Изоҳ