Аввалроқ, Тошкентдаги Шота Руставели кўчасини реконструкция қилиш 50 млн долларга баҳоланаётгани ҳақида хабар қилган эдик.
Маълум қилинишича, мазкур кўчанинг реконструкция қилиш лойиҳасини амалга ошириш доирасида онлайн платформа — лойиҳанинг расмий веб-сайти ишга туширилди. Бу ҳақда пойтахт ҳокимлиги хабар қилди.
Ушбу сайт лойиҳасидан мақсад очиқлик ва аҳоли билан мулоқот сиёсатини давом эттиришдир.
Сайтда қуйидагиларни топиш мумкин:
– Иш жараёнидаги долзарб янгиликларни;
– Қизиқтирган саволларни бериш имкониятини;
– Алоқа маълумотлари ва фикр-мулоҳаза шаклини.
ЛОЙИҲА МАҚСАДИ
Шота Руставели кўчасини замонавий транспорт инфратузилмаси талабларига мослаштириш, жамоат транспорти самарадорлигини ошириш ҳамда аҳоли учун қулай шаҳар муҳитини шакллантириш.
ЯНГИ АВТОБУС ЙЎЛАКЛАРИ
Таъкидланишича, реконструкция доирасидаги энг муҳим ечимлардан бири – йўлнинг марказий қисмида алоҳида автобус йўлакларини ташкил этишдир. Бу ечим жамоат транспортининг ҳаракатланишини тирбандликлардан холи ҳолга келтириб, қатнов жадвалининг барқарорлигини таъминлайди.
Марказий йўлаклар орқали автобуслар тўхтовсиз ва хавфсиз ҳаракатланади, бекатлар эса марказий оролда жойлаштирилади. Улар барча фуқаролар, шу жумладан, имконияти чекланган шахслар учун мослаштирилган бўлади. Натижада, транспорт тизимининг умумий самарадорлиги ошиб, йўловчиларнинг вақт ва харажатлари тежаб қолинади.
ИНФРАСТРУКТУРАВИЙ ЯНГИЛИКЛАР
Лойиҳа доирасида 5 км узунликда марказий автобус йўлаклари ташкил этилади ва 310 минг кв.м асфальт йўл янгиланади.
ЛОЙИҲАНИНГ ЭКОЛОГИК АҲАМИЯТИ
“Дарахтлар кесилмайди, аксинча, қўшимча дарахт ва манзарали кўчатлар экилади. Шунингдек, чанг ва шовқинни камайтирувчи асфальт қопламалари, велойўлаклар ва яшил зоналар орқали шаҳар ҳавоси янада тозаланади”,- дейилади лойиҳада.
Изоҳ