"Ногиронлиги бўлган шахслар бандлигини таъминлаш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги президент фармони қабул қилинди.
Унга кўра, 1 июндан бошлаб, I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсларни ишга жойлаштирган тадбиркорларга 50 миллион сўмгача субсидия берилади. Субсидиялар сурдотаржимон, психолог ва ҳамроҳлик қилувчи шахсларнинг хизматларини таъминлаш харажатларини қоплашга йўналтирилади.
Бундан ташқари, жисмоний шахсларга ўзини ўзи банд қилган шахс сифатида кузатиб бориш хизматларини кўрсатишга рухсат берилади.
Шунингдек, ҳужжат билан қуйидаги асосий мақсадлар белгиланди:
• ногиронлиги бўлган шахсларнинг самарали фаолият юритиши учун махсус хизматлар тизимини жорий этиш;
• ногиронлиги бўлган ёшларни замонавий касб-ҳунарларга ўқитиш ва уларнинг меҳнат бозорига кириши учун қўшимча имкониятлар яратиш;
• 2025 йил якунига қадар 80 минг нафар ногиронлиги бўлган шахсларнинг барқарор бандлиги ва муносиб даромад олишини таъминлаш.
Шунингдек, "Ягона миллий ижтимоий ҳимоя" ахборот тизимида меҳнатга лаёқатли ногиронлиги бўлган шахсларнинг электрон реестри юритилади.
Изоҳ